Уюшма фоалияти

Ўзбекистон Республикаси Паррандасаноат уюшмаси фаолияти

Республика “Паррандасаноат” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада паррандачиликни ривожлантириш ва йирик саноат паррандачилик корхоналарини имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ҳамда “Республика паррандачилик уюшмаси” фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2010 йил
15 февралдаги 03-35-20-сонли йиғилиш баённомасида белгиланган топшириқлар асосида нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида ташкил этилди ва Адлия вазирлигида 18.03.2010 йилда давлат рўйхатидан ўтказилди.

  1. Уюшма уставига мувофиқ, Уюшманинг асосий мақсадлари ва вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:

Уюшма аъзоларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ифодалаш, ҳамда ҳимоя қилиш;

Республикада паррандачилик сохасини барқарор ривожлантиришнинг истиқболли стратегиясини белгилаш;

Уюшма таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларга услубий, ташкилий-техник ва ахборот хизматларини кўрсатиш;

Маркетинг тадқиқотларини ташкил этиш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, уларнинг жаҳон бозорларига кириб боришига кўмаклашиш;

Уюшма таркибига кирувчи корхоналарни модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашда, ушбу мақсадлар учун хорижий инвестициялар ва кредит ресурсларини кенг жалб этишга кўмаклашиш;

Уюшма аъзоларининг манфаатларини халқаро майдонда намойиш қилиш, чет элдаги тармоқ корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш;

Уюшма аъзоларини Республика ва хорижий мамлакатларда паррандачиликни ривожлантириш ва янги илғор технологияларни жорий этиш тўғрисидаги ахборотлар ва бошқа материаллар билан таъминлашда кўмаклашиш;

Уюшма аъзолари ходимларининг профессионал тайёргарлиги, малакасини ошириш тизимини ташкил этиш, ушбу мақсадларда курслар, учрашувлар, семинарлар ва симпозиумларни ўтказиш.

  1. Уюшма томонидан бугунги кунда олиб борилаётган ишлар.

Уюшма аъзолари маҳсулотларини четга экспорт қилиш ва четдан келтириладиган асбоб-ускуналар, озуқа қўшимчалари ва ветеринария препаратларига бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида, чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли ишлар амалга оширилиб, озуқа учун буғдой, витаминли-минерал озуқа қўшимчалари, ферментлар, иммунаген моддалар ва шунга ўхшаш озуқа қўшимчалари паррандачиларимизга етказиб бериш йўлга қўйилмоқда.

Паррандачилик хўжаликлари манфаатларини турли давлат органларида ифода этиш ва хуқуқларини химоя қилиш бўйича уюшма мутахассислари жойларга чиқиб, амалий ёрдам кўрсатмоқдалар. Жумладан, паррандачилик хўжаликларида вужудга келган солиқ ва божҳона тўловлари бўйича низолар юзасидан уюшма аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан уюшма мутахассислари 10 дан ортиқ хўжалик судларида иштирок этдилар ва ижобий натижаларга эришдилар.

Уюшма томонидан паррандачилик тармоғининг муҳим масалалари бўйича Хукумат ва турли давлат идоралари жумладан, Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Марказий банк, “Ўздонмаҳсулот” АК, Республика товар хом-ашё биржаси, “Ҳудудий электр тармоқлари” АК, “Ўзтрансгаз” АК, Ташқи иқтисодий алоқалар ва савдо вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси билан ёзишмалар ва музокалар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ўтган давр мобайнида юқори рентабелли ҳисобланган паррандачилик фаолиятини аҳоли ўртасида тарғибот қилиш ва оммалаштириш мақсадида, “Паррандасаноат” уюшмаси мутахассислари томонидан паррандаларни турлари: тухум йўналишидаги жўжа ва товуқлар, бройлер жўжалари, курка, ғоз, ўрдак, бедана, каклик, туяқуш, қирғовул, товус ва хонакилаштирилган цесаркаларни парваришлаш бўйича, жами 12 хилдаги “Тавсиянома”лар ўзбек тилида тайёрланиб, нашрдан чиқарилди. Ушбу “Тавсияномалар” паррандачилик соҳасига қизиққан ва ёш паррандачилар фаолиятида асқотади деб ўйлаймиз.